Бош саҳифа / Вилоят ҳокимлиги / Йиллик таҳлилий маърузалар / Ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурлари
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурлари

Ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурлари доирасида лойиҳаларни муддатда ва самарали амалга ошириш учун инвестицияларни шу жумладан, чет эл ва тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш ҳажмларини кенгайтириш, ҳудудларни саноат салоҳиятини жадал ривожлантириш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг шаҳсий масъулияти тўғрисида. 

Ассалому алайкум муҳтарам Шавкат Миромонович,

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари,

Иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш, техник ва технологик қайта жихозлаш ва энг асосийси янги ишлаб чиқариш қувватларини ҳамда объектларини ишга туширилиши вилоятда иқтисодий кўрсаткичларнинг барқарор ўсишига эришишда асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқариш, хусусан, саноат корхоналарининг доимий равишда қўллаб-қувватланаётганлиги натижасида юртимиз иқтисодиётини юксалтиришда уларнинг ҳиссаси катта ахамият касб этмоқда.

Ҳозирги кунда вилоятда жами 4877 та саноат корхоналари фаолият кўрсатмоқда, шундан 43 та йирик корхоналар (40 таси вазирлик тизимида, 3 таси ҳудудий)хиссасига тўғри келади.


Маълумот учун: жами саноат корхоналарининг 924  таси машинасозликда,   1458 таси енгил саноатда, 878 та озиқ-овқат саноатида, 652 та қурилиш материаллари саноатида, 202 таси пойабзал, чарм-пойабзал саноатида, 10 таси электротехника саноатида, 18 таси фармацевтика саноатида ва 1659 таси бошқа турдаги кичик корхоналар хиссасига тўғри келмоқда.


Ҳисобот даврида жами 7,8 трлн. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди (Бу эса ўтган йилга нисбатан 74,5 фоизни ташкил этди).


Сабаби: Ўтган давр мобайнида 16 йирик корхоналар томонидан  3 трлн. сўмлик маҳсулот кам ишлаб чиқарилган. Шундан 13 таси автомобилсозлик саноати корхоналари.

Мазкур кўрсаткич автомобилсозлик саноати корхоналаридан ташқари ҳисоб-котиб қилинганда 5372,4 млрд.сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 112 % ни ташкил этмоқда.


Шунингдек, 2016 йилда ҳудудий саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 3 трлн. 778 млрд.сўмни, ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 120,9 фоизга уддаланди.

 Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Саноат салоҳиятини оширишда 2016-2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурининг ўрни салмоқли бўлмоқда.

Ушбу дастур доирасида 2016 йилда умумий қиймати 507,1 млрд. сўмлик инвестиция ўзлаштирилиши натижасида жами 3874 та лойиҳаларни ишга туширилиши ҳисобига 42 минг 549 та янги иш ўринларини яратишга эришилди.

Фойдаланишга топширилган лойиҳаларни ўтган йилга нисбатан солиштирганимизда, лойиҳалар сони 102,8% га (106 тага ортиқ), яратилган ишчи ўринлари эса 103,8% га (1536 тага ортиқ) ортиғи билан бажарилишига эришилди.


Маълумот учун: Фойдаланишга топширилган лойиҳаларни тармоқлар кесимидаги таҳлили қуйидагича,

саноат соҳасида 758 та лойиҳа (инвестиция қиймати 316,1 млрд.сўм, яратилган иш ўринлари сони 18322 та);

 хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 2018 та лойиҳа (қиймати
109,2 млрд. сўм ва яратилган иш ўринлари сони 7990 та);

 қишлоқ хўжалиги соҳасида 1098 та лойиҳа (қиймати 81,7 млрд. сўм ва яратилган иш ўринлари 16237 та) ни ташкил этилган.


Дастурни асосий йўналиши ҳисобланган саноат соҳасида янги корхоналарни ташкил этиш, мавжудларини модернизация қилиш ва кенгайтириш ҳисобига жами 758 та ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилди.

Ушбу ишлаб чиқариш қувватларини фойдаланишга топширилишида 316,1 млрд. сўмдан зиёд инвестициялар (шундан 32,7 млрд.сўм банк кредитлари) ўзлаштирилиб, 18 минг 322 та янги иш ўринлари яратилди.

Шунингдек, ишга туширилган қувватлардан 14 таси йирик истиқболли лойиҳалар бўлиб, улардан 5 таси ҳудудий корхоналар,
9 таси вазирликлар томонидан амалга оширилди.


Мисол учун: пахтани қайта ишловчи корхонаси бўлмаган Булоқбоши туманида “Фан текстиль” МЧЖ томонидан 666,5 минг. АҚШ долларлик йилига 2,2 минг тонна калава ип ишлаб чиқариш лойиҳасини янги ишга туширилиши натижасида 220 та янги ишчи ўринлари яратилди.


Амалга оширилган лойиҳаларни 368 таси янги қувватларни ташкил этиш, 371 таси мавжуд қувватларни кенгайтириш ва 19 тасида ишлаб чиқаришда техник қайта жихозлаш ёки модернизация қилиш ишлари олиб борилган.


Мисол учун: Олтинкўл туманидаги фаолияти тўхтатилган  “Андижон чарм” МЧЖ тига 2,9 млрд.сўм жалб қилиниши натижасида терини қайта ишлаш цехини модернизация қилиниб, мавжуд 50 га яқин мавжуд ишчи ўринлари қайтадан тиклашга эришилди. Мазкур корхона келгусида ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида яна қўшимча инвестиция киритилиши ҳисобига қўшимча қувватлар яратилади.


Фойдаланишга топширилган лойиҳалардан 631 таси халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришга йўналтирилган бўлиб, шундан, 627 таси тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналардир.

Бундан ташқари, ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширилиши ҳисобига 17 та импорт ўрнини босувчи янги маҳсулотлар ўзлаштирилиб, ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Натижада, жами
20,9 млрд.сўмлик маҳсулот йилига ишлаб чиқарилиб, 6,8 млн. АҚШ доллари миқдорида валюта тежаб қолинди.


Мисол учун: “Лимон интернейшнл” Хор.К (жинси шим, юбка), “SUPER MODUL” МЧЖ (мойлаш материаллари), “ASADULLO BOYOQLARI” МЧЖ (янги турдаги лак-бўёқлар), “Фусункор” МЧЖ (янги турдаги диод лампалар), “Хўжаобод” МЧЖ (татами) каби лойиҳалардир.


Саноат соҳасидаги лойиҳаларни ишга туширилиши ҳисобига қўшимча 364,9 млрд.сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.


Маълумот учун: Дастурни амалга оширилиши натижасида енгил саноат тармоғида 2,1 минг тонна ип-калава, 865,5 тонна трикотаж мато, 13,2 млн. дона трикотаж маҳсулотлари, 1,2 млн. жуфт пайпоқ ва озиқ-овқат саноати тармоғида 1,3 минг тонна мева-сабзавотларни, 1,6 минг тонна сутни ва 416,6 тонна гўштни қайта ишлаш корхоналари ишлаб чиқаришга йўналтирилди.

Мазкур ишлаб чиқаришларни ташкил қилиниши натижасида вилоятда қайта ишлаш даражаси пахта толасини 62,4 фоизга, мева-сабзавотларни
16,8 фоизга
етказишга эришилди.


Энг эътиборлиси, саноат соҳасида ишга туширилган лойиҳаларни
83,6 фоизи, яъни 634 таси чекка қишлоқ ҳудудларига тўғри келмоқда.

 

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Дастур доирасида 3 та ҳудудда 1,4 млн. АҚШ долларлик хорижий инвестициялар жалб этилди.

Жумладан, Андижон шаҳридаги “Лимон интернейшнл” хорижий корхонасида 462 минг АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилиб, тайёр тикув-трикотаж (жинси шим ва юбка) маҳсулотлари ишлаб чиқариш кенгайтирилди;

Булоқбоши туманидаги "Найман мель" МЧЖда 300 минг АҚШ доллари миқдорида тўғридан тўғри-хорижий инвестициялар жалб этилиб, қуруқ қурилиш қоришмаси (чўктирилган бор) ишлаб чиқариш ташкил этилди;

Шаҳрихон туманидаги "Анд Чин Инвест" ҚК 600 минг АҚШ доллари миқдорида тўғридан тўғри-хорижий инвестициялар жалб этилиб, EVA маҳсулотидан пойабзаллар ишлаб чиқариш кенгайтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 25 декабрдаги ПҚ-2458 сонли “Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарори билан 2016 йилда республика вазирлик ва идоралар томонидан 7 та йирик объект ва қўшимча ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш белгиланган.


Маълумот учун: Ушбу лойиҳаларни умумий қиймати 126,7 млн. АҚШ долларни ташкил этиб, шундан 2016 йилда 57,6 млн. АҚШ доллари ўзлаштирилиши ва 190 та янги ишчи ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Тармоқлар кесимида эса қуйидагича, “Ўзавтосаноат” АК (2 та), “Ўзэлтехсаноат” АК (1 та), “Ўздонмаҳсулотлари” АК (1 та), “Озиқ-овқат саноати корхоналари” уюшмаси (2 та), “Ўзпахтасаноатэкспорт” Хол.К. (1 та) ташкил этади.


Йил якуни билан 10 та йирик объектларда жами 51,8 млн. АҚШ доллар миқдоридаги инвестицияларни ўзлаштирилиб, 342 та мухим янги ишчи ўринлари яратилди.

Ўзлаштирилган инвестицияларнинг 5,2 млн. АҚШ долларини хорижий инвестицияни ташкил этади

Ишга туширилган лойиҳаларнинг 6 таси “Ўзавтосаноат” АК (шундан,
5 таси янги маҳсулот турларини ўзлаштириш ва 1 таси ишлаб чиқаришни кенгайтириш)
, 2 таси “Ўзбекозиқовқатхолдинг” Хол.К (2 та корхонада техник қайта жихозлаш), 1 таси “Ўзэлтехсаноат” АК (кенгайтириш) ва 1 таси “Ўздонмаҳсулотлари” АК (модернизация) тизимидаги лойиҳаларидир.

Бундан ташқари, вилоятдаги 3 та йирик корхонасида техник қайта жихозлаш ишлари олиб борилди (“Қўрғонтепадонмаҳсулотлари” АЖ, “Андижонёғмой” АЖ ва “Асакаёғмой” АЖ).

 

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Вилоятни 2017-2021 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида барча йўналишларда 12 минг 542 та лойиҳаларга умумий қиймати 4 трлн. 743 млрд. сўм ва 232,8 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестициялар (шундан, 2 трлн. 306 млрд. сўм банк кредитлари) киритилиши натижасида 123 минг 772 та янги ишчи ўринлари яратилиши кутилмоқда.

Шундан, 2017 йилда барча йўналишларда жами 3258 та лойиҳаларга 1 трлн. 645,9 млрд.сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиши (шундан, 517,3 млрд.сўм банклари кредити, 180,8 млн.долл. хорижий инвестиция) натижасида 41388 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

2017 йилда саноат йўналишида умимий қиймати 1,1 трлн. сўм (шундан, 291,1 млрд. сўм банк кредитлари ва 180,8 млн. АҚШ долл. хорижий инвестиция) вилоятга жалб қилиниши натижасида 453 та истиқболли лойиҳаларни ишга туширилиши ва натижада 18 минг 260 та янги ишчи ўринлари яратишни мақсад қилинди.

Дастурни шакллантирилишида хорижий инвестициялар жалб этишда 2016 йилда йўл қўйилган камчиликлардан хулоса олиб,
2017 йилда 10 та ҳудудни 29 та лойиҳасига 180 млн. АҚШ долларлик хорижий инвестицияларни жалб қилиниши режалаштирилган.


Маълумот учун: Андижон шаҳрида 7 та лойиҳаларга 16,8 млн.АҚШ доллари, Булоқбоши туманида 1 та лойиҳаларга 80 млн. АҚШ доллари, Хўжаобод туманида 5 та лойиҳаларга 5,8 млн. АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилади.


Мисол учун, Булоқбоши туманидаги "Шанг Фенг Бридж Оф Френдшип" кўшма корхонасида цемент ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини амалга оширишда 80 млн. АҚШ долларилик хорижий инвестициялар ўзлаштирилади.

2017 йилда ишга туширилиши режалаштирилган лойиҳаларнинг
164 таси енгил саноат, 80 таси қурилиш индустриясини ривожлаштриш саноати, 68 таси озиқ-оқат саноати, 37 таси пойабзал ва чарм-атторлик саноатида амалга оширилади.

Натижада, вилоят ҳудудларида 32,6 минг тонна ип-калава, 1,3 минг тонна трикотаж мато, 59,7 млн. дона трикотаж маҳсулотлари, 9,7 млн. дона тайёр-тикувчилик маҳсулотлари, 4,6 млн. жуфт пайпоқ ҳамда
22,7 минг тонна мева-сабзавотларни, 2,8 минг тонна сут ва 1,8 минг тонна гўшт қайта ишлаш каби қўшимча ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилади.

Мазкур лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 2017 йилда жами 586 млрд.сўмдан зиёд қўшимча саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилади.

 

Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

Кун тартибидаги мазкур масалага 2017 йил ва йилнинг 1-чорагида ҳам устувор аҳамият берилиб, ушбу йўналишда қуйидагиларни олдимизга вазифа қилиб белгилаб олганмиз:

Биринчидан, Дастурнинг асосий йўналиши бўлган саноат соҳасида жорий йилнинг январь-март ойларида ишга туширилиши режалаштирилган 82 та лойиҳани амалга оширилиш ҳисобига
32 млрд.сўм инвестиция ўзлаштирилади ҳамда 2150 дан зиёд янги иш ўринлари яратилади;

Иккинчидан, 2017 йилнинг 1-чорагида 375 минг АҚШ долларилик хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳисобига Избоскан туманидаги "Голден хепинес эпоч фарма" МЧЖда 5 хил турдаги антибиотикларни ишлаб чиқариш ташкил этилади;

Учинчидан, лойиҳаларни амалга ошириш хисобига жорий йилнинг январь-март ойларида 1,97 трлн.сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва ўсиш суръати 102,6 фоиздан кам бўлмаслигини, шунингдек, ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,05 трлн. сўмдан, ўсиш суръатини 106,8 фоиздан кам бўлмаслигига эришилади;

 Тўртинчидан, дастурдаги лойиҳаларни амалга оширишда юзага келадиган ёки мавжуд муаммоларни (электр-энергия, конвертация, газ таъминоти, ер ажратиш ва хоказо) тезкор ҳал этиш бўйича вилоятдаги барча мутасаддилар билан биргаликда тизимли иш ташкил этилади.

Ҳурматли Шавкат Миромонович,

Юқоридаги мақсадлар ва бугунги йиғилишда олдимизга қўйилган барча вазифаларни сўзсиз бажаришга энг аввало, менинг бошчилигимда барча масъул вилоят раҳбарлари бутун салоҳият ва имкониятларимизни сафарбар этамиз деб Сизларни ишонтиришга рухсат бергайсиз.

Ҳисоботим тугади. 


Охирги ўзгариш: 15/03/2017 20:41 Кўрилганлиги: 6512
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Сайтдаги интерактив хизматларга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 207
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг