Бош саҳифа / Президент қарорлари / Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Академик лицейларда ўқув жараёни сифати ва самарадорлигини тубдан ошириш, академик лицейларда умумтаълим мактабларининг энг қобилиятли битирувчиларини жамлаш, умумтаълим мактаблари битирувчиларининг танланган касблар ва мутахассисликларни эгаллаб олишга бўлган эҳтиёжини қондириш учун шарт-шароитларни янада кенгайтириш мақсадида: 



1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг республикада фаолият кўрсатаётган академик лицейлар сонини оптималлаштиришни, академик лицейларда ўқув жараёни сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари амалга оширилишини назарда тутувчи, жумладан: 

моддий-техник ва ўқув-педагогик базаси нисбатан паст даражали 1-иловага мувофиқ тўртта академик лицейни тугатиш, тугатилаётган академик лицейларнинг 1-босқичларига ўқувчиларни қабул қилишни 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб тўхтатиш; 

фаолияти кўрсаткичлари энг паст бўлган 2-иловага мувофиқ 54 та академик лицейни босқичма-босқич касб-ҳунар коллежларига айлантириш; 

касб-ҳунар коллежларига айлантирилаётган академик лицейларнинг 2- ва 3-босқичлари ўқувчилари контингентини касб-ҳунар коллежларига айлантирилаётган академик лицейларнинг биноларида амалдаги ўқув дастурлари ва ўқитиш шартлари бўйича белгиланган тартибда ўқитишни тугаллаш; 

3-иловага мувофиқ ўқув жараёни самарадорлигини янада ошириш ва академик лицейлар битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши кўрсаткичларини ошириш чора-тадбирлари дастури ҳақидаги таклифи қабул қилинсин. 

2. Олдин баён қилинганлар билан биргаликда қуйидагилар академик лицейларнинг муҳим вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин: 

умумтаълим мактабларининг энг истеъдодли ўқувчиларини танлаш, уларнинг интеллектуал қобилиятларини янада ривожлантириш ва ўқишни олий таълим муассасаларида давом эттиришга мақсадли чуқур тайёрлаш; 

ўқувчиларнинг ижодий салоҳияти намоён бўлиши ва фаоллашишига кўмаклашувчи, индивидуал истеъдодларни ва ҳар бир ўқувчининг қобилиятлари ҳамда хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда билимларни эгаллаб олиш жараёнида мустақил фаолият кўникмаларини шакллантирувчи ва ривожлантирувчи таълим муҳитини яратиш; 

илғор маҳаллий ва хорижий таълим муассасаларининг тажрибасини ҳисобга олган ҳолда таълим жараёнини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш ва унинг мазмунини доимий равишда янгилаб бориш. 

3. Белгилаб қўйилсинки: 

касб-ҳунар коллежларига айлантирилаётган академик лицейларнинг 2- ва 3-босқичлари ўқувчилари таълим якунлангач яқинда жойлашган таълим йўналиши ўхшаш бўлган академик лицейларда якуний давлат аттестациясини топширадилар ва давлат намунасидаги академик лицей битирувчиси дипломини оладилар; 

академик лицейларда ўқув гуруҳлари таркиби 26 нафар ўқувчидан ортиқ бўлмаган тарзда шакллантирилади; 

чуқурлаштирилиб ўрганиладиган фанлар (таълим йўналишлари) бўйича академик лицейларда амалий, лаборатория ва семинар машғулотлари гуруҳларни икки кичик гуруҳга бўлиш йўли билан ташкил этиладиган кичик гуруҳларда ўтказилади; 

академик лицейларда ходимларни педагогик фаолиятга жалб этиш олий маълумотли ва камида 5 йил узлуксиз педагогик иш стажига эга бўлган шахслар орасидан танлов асосида амалга оширилади; 

академик лицейлар директорларининг бўш лавозимларини эгаллашга танловда иштирок этиш учун номзодлар бўйича таклифлар Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимининг бошқарув органлари раҳбар кадрларини танлаш, тайинлаш ва аттестациядан ўтказиш бўйича республика комиссиясига академик лицейлар бириктирилган олий таълим муассасалари ректорлари томонидан киритилади;


2017/2018 ўқув йилидан бошлаб академик лицейлар ўқувчиларини умумтаълим фанлари бўйича дарсликлар билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармасининг маблағлари ҳисобига ижара асосида амалга оширилади, умумтаълим фанлари бўйича дарсликлар билан таъминлаш бюджет маблағлари ҳисобига бепул асосда амалга ошириладиган кам таъминланган оилалардан бўлган ўқувчилар бундан мустасно; 

академик лицейларнинг битирувчиларига 4-иловага мувофиқ рўйхат бўйича махсус чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган алоҳида мутахассисликлар берилади. 

4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази манфаатдор вазирликлар ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда: 

бир ой муддатда академик лицейлар битирувчиларига мутахассисликлар бериш тартибини, шунингдек, академик лицейлар битирувчиларига мутахассисликлар бериш тўғрисидаги давлат намунасидаги сертификат намунасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин; 

икки ой муддатда академик лицейларга ўқитувчиларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни, шунингдек, академик лицейлар ўқувчиларини дарсликлар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин; 

уч ой муддатда тўпланган ижобий тажрибани ҳисобга олган ҳолда академик лицейларнинг ўқув режалари ва дастурларини танқидий қайта ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тасдиқласин, бунда ўқитишнинг 3-босқичидан бошлаб чуқурлаштирилиб ўрганиладиган фанлар бўйича ўқитиш соатлари сонини кўпайтирган ҳолда қайта тақсимлашни назарда тутсин; 

ўқувчилар контингентини қайта тақсимлашни, уларни юқори малакали ўқитувчи кадрлар билан таъминлашни, кадрлар тайёрлаш йўналишларига мувофиқ зарур ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер техникаси, ўқув-норматив ҳужжатлар, ўқув ва методик адабиётлар билан жиҳозлашни ҳисобга олган ҳолда ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг қайта ташкил этилаётган муассасаларида ўқув-тарбия жараёни сифатли ташкил этилишини таъминласин. 

5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган манфаатдор вазирликлар ва идоралар таълим-тарбия жараёни сифатини оширишда, шунингдек, академик лицейларнинг ўқитувчилар таркиби малакасини оширишда бириктирилган академик лицейларга тизимли асосда ҳар томонлама методик ва амалий ёрдам кўрсатилишини таъминласинлар. 

6. Олий таълим муассасалари раҳбариятига олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари (пуллик-контракт асосида ўқитиш учун тушумлар бундан мустасно) ҳисобига бириктирилган академик лицейлар учун ўқув-лаборатория ускунаси, сарфлаш материаллари, компьютер техникаси ва бошқа ташкилий техника, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари сотиб олиш ҳуқуқи берилсин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда академик лицейларни айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларига бириктириш ҳамда таълимнинг узлуксизлиги ва узвийлиги тамойилларига риоя қилган ҳолда иқтидорли ўқувчилар билан иш олиб бориш доирасида улар ўртасида ўзаро амалий ҳамкорлик механизмини назарда тутувчи Низомни уч ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин. 


8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Ўзбекистон Республикасининг ҳар йилги Инвестиция дастури лойиҳасини ва қурилишларнинг манзилли рўйхатларини шакллантиришда академик лицейлар негизида ташкил этиладиган касб-ҳунар коллежлари учун янги ўқув устахоналари қуришга маблағлар ажратилишини назарда тутсинлар. 

9. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан ҳар йили шакллантириладиган прогноз квоталарни ҳисобга олган, шу жумладан, дарсликлар чакана тармоқ орқали эркин сотилишини назарда тутган ҳолда зарур тиражда ва номларда сифатли замонавий дарсликлар ишлаб чиқилиши ва босиб чиқарилиши самарали ташкил этилишини таъминласинлар. 

10. Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг олий таълим муассасаларининг академик лицейларга ўқитувчилик фаолиятига меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартларида жалб этиладиган профессор-ўқитувчилар таркиби меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш миқдорларини олий таълим муассасалари талабалари билан ўқув машғулотлари олиб борилганлиги учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорларига тенглаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин. 

11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини шакллантиришда унинг параметрларида ушбу қарорни бажариш билан боғлиқ харажатларни қоплашга “Маориф” тармоғи бўйича ажратиладиган маблағлар доирасида зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин. 


12. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда: 

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин; 

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу қарор қоидаларига мувофиқлаштирилишини таъминласин. 

13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммаларига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                        Ш.Мирзиёев 




Тошкент шаҳри, 2017 йил 14 март 




* * * 


Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўрта 
махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини 
янада такомиллаштириш чора-тадбирлари 
тўғрисида”ги қарорига

ШАРҲ

Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб таълим-тарбия тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, фарзандларимизнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашлари, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш, уларнинг қобилият ва истеъдоди, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ёшларимиз қалбида она юртга садоқат ва фидойилик туйғуларини камол топтириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. 

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг мақсад ва вазифалари ҳаётга изчил жорий этилиши натижасида юртимизда 1 минг 500 дан зиёд ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари барпо этилди. 

Мамлакатимиздаги 1411 та касб-ҳунар коллежларида ёшларимиз бир нечта ихтисослик бўйича замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаб келмоқда. 

Шунингдек, олий таълим муассасалари қошида 144 та академик лицей ташкил этилган бўлиб, уларда аниқ, табиий, ижтимоий-гуманитар фанлар, хорижий тиллар ҳамда маданият ва санъат йўналишлари бўйича, янги педагогик ва информацион технологиялар асосида замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозланган кабинетларда ёш авлодга пухта билим берилмоқда. Ушбу масканларни ҳар йили ўртача 35 минг нафар йигит-қиз битириб чиқмоқда. 

Академик лицейларнинг фаолиятини улар жойлашган ҳудуднинг демографик, иқтисодий ва бошқа омилларини ҳамда битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш натижалари нуқтаи назаридан олиб борилган таҳлиллар бу соҳадаги ишларнинг қониқарли эмаслигини кўрсатмоқда. Ҳозирги пайтга келиб академик лицейлар сонини оптималлаштириш, улардаги таълим сифатини ошириш ва мазмунини янгилаш, уларни битириб чиқаётган ёшларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичларини тубдан яхшилаш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга ошириш зарурати пайдо бўлмоқда. 

Мазкур соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Ушбу қарор академик лицейларда ўқув жараёнининг сифати ва самарадорлигини ошириш, бу масканларда таълим бериш учун умумтаълим мактабларининг энг қобилиятли битирувчиларини саралаб олиш, ёшларнинг ўзлари танлаган касб ва мутахассисликларни эгаллашга бўлган орзу-интилишларига эришмоғи учун янада кенг шароитлар яратиш каби аниқ мақсадларга йўналтирилган бўлиб, унда қуйидаги аниқ вазифаларни амалга ошириш кўзда тутилган: 

бугунги кунда моддий-техник ва ўқув-методик базаси замонавий талабларга жавоб бермайдиган 4 та академик лицей фаолияти тугатилади ҳамда олий таълим муассасаларидан узоқда жойлашган, таълим сифати ва битирувчиларининг институт ва университетларга ўқишга кириш кўрсаткичлари паст бўлган 54 та академик лицей босқичма-босқич касб-ҳунар коллежларига айлантирилади; 

инвестиция дастури лойиҳаси ва қурилишларнинг манзилли рўйхатларини шакллантиришда академик лицейлар негизида ташкил этиладиган касб-ҳунар коллежлари учун янги ўқув устахоналари қуриш учун маблағлар ажратишга алоҳида эътибор қаратилади; 


касб-ҳунар коллежларига айлантирилаётган академик лицейларнинг 2- ва 3-босқич ўқувчилари ўқишни тугатгач, яқин ҳудудда жойлашган, таълим йўналиши ўхшаш бўлган академик лицейларда якуний давлат аттестациясини топширади ва давлат намунасидаги академик лицей битирувчиси дипломини олади; 


олий таълим муассасаларининг юқори малакали профессор-ўқитувчиларини академик лицейларда дарс беришга кенгроқ жалб қилиш мақсадида академик лицейлардаги ўқитувчилик фаолиятига соатбай ҳақ тўлаш миқдори олий таълим муассасаларида меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорига тенглаштирилади; 

таълимнинг узлуксизлик ва узвийлик тамойилларига риоя қилган ҳолда иқтидорли ўқувчилар билан иш олиб бориш доирасида айрим фанлар чуқур ўқитиладиган ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари билан академик лицейлар ўртасида ўзаро таъсирчан ҳамкорлик механизми йўлга қўйилади. 

Академик лицейларда таълим сифатини ошириш, таълим жараёнига илғор педагогик усуллар, ахборот-коммуникация технологиялари, электрон таълим ресурслари ва мультимедиа тақдимотларини кенг татбиқ қилиш ва бунинг учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида: 

ўқув гуруҳлари таркиби 26 нафар ўқувчидан ортиқ бўлмаган тарзда шакллантирилади; 

чуқурлаштириб ўқитиладиган фанлар (таълим йўналишлари) бўйича амалий, лаборатория ва семинар машғулотлари гуруҳларга бўлинган тарзда, яъни иккита кичик гуруҳда ўтказилиши йўлга қўйилади; 

педагоглар таркиби олий маълумотли ва камида 5 йиллик узлуксиз педагогик иш стажига эга бўлган малакали ўқитувчилар орасидан танлов асосида шакллантирилади. 

Яна бир муҳим янгилик шундан иборатки, академик лицейлар директорлиги учун номзодлар академик лицейлар бириктирилган олий таълим муассасалари ректорлари томонидан тавсия этилиши белгиланмоқда. 

2017/2018 ўқув йилидан бошлаб академик лицейлар ўқувчиларини умумтаълим фанлари бўйича дарсликлар билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари республика мақсадли китоб жамғармасининг маблағлари ҳисобидан ижара тизими асосида амалга оширилади. Кам таъминланган оилалар фарзандлари умумтаълим фанлари бўйича дарсликлар билан бюджет маблағлари ҳисобидан бепул таъминланади. 

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, қарорда академик лицейлар битирувчиларига аниқ мутахассисликлар бўйича билим ва кўникмалар бериш кўзда тутилган бўлиб, таълим жараёни якунига етганидан сўнг уларга давлат намунасидаги сертификат берилади. 

Қарорда таълим жараёни сифатини ошириш ва академик лицейлар битирувчиларининг олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириши учун алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Унда: 

академик лицей ўқувчиларининг бириктирилган олий таълим муассасалари ахборот-ресурс марказлари ва бошқа моддий-техник базасидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш; 

ҳар бир академик лицейда ўқувчиларнинг индивидуал қобилиятидан келиб чиқиб, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари, электрон таълим ресурслари, ўқувчиларнинг ижодий ва мустақил изланишларига йўналтирилган дастурларни ишлаб чиқиш; 

олий таълим муассасаларининг тажрибали профессор-ўқитувчиларини академик лицейларнинг педагог кадрларига патронаж сифатида бириктириш; 

олий таълим муассасалари фаолиятига баҳо беришда улар томонидан таълим самарадорлигини ошириш бўйича академик лицейлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратиш назарда тутилган. Бу борада семинар-тренинглар ташкил этиш, таълим жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш, хорижий тилларни ўзлаштириш, тажрибали профессор-ўқитувчилар иштирокида доимий маҳорат дарсларини ўтказиш, академик лицей ўқитувчиларига илмий-услубий ёрдам кўрсатиш бўйича олиб борилаётган ишларни баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш каби масалалар қамраб олинган. 

Бундан ташқари, қарорда академик лицейлар негизида босқичма-босқич ташкил этилаётган касб-ҳунар коллежлари учун зарур устахоналарни барпо этиш ва жиҳозлаш, шунингдек, соатбай асосида академик лицейларда фаолият кўрсатувчи профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошини ошириш учун давлат бюджетидан зарур маблағлар ажратилиши кўзда тутилган. 

Бир сўз билан айтганда, қарорда кўзда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида академик лицейларда ўқитиш сифати ва самарадорлигини янада ошириш, иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва мақсадли таълимга йўналтириш, фарзандларимизнинг танланган мутахассисликларни пухта эгаллашлари учун зарур шароитларни яратишга кенг имкониятлар очилади.


Киритилган вақти: 17/03/2017 15:05 Кўрилганлиги: 5813
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишни, онлайн қилиш қанчалик зарур?

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 142
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг