Бош саҳифа / Янгиликлар / Шавкат Мирзиёев: Эркин Воҳидов номидаги ёш ижодкорлар мактаби яратилади
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Шавкат Мирзиёев: Эркин Воҳидов номидаги ёш ижодкорлар мактаби яратилади

Президентимиз Эркин Воҳидов номидаги Марғилон шаҳар маданият ва истироҳат боғини реконструкция қилиш лойиҳаси билан танишди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг ўзликни англаш, миллий ғурур-ифтихор туйғулари юксак пардаларда тараннум этилган асарлари ҳар биримизни тинчлик-хотиржамликни қадрлашга, чин инсоний фазилатлар соҳиби бўлишга ундайди. Э.Воҳидов ”Тонг нафаси”, “Қўшиғим сизга”, “Ақл ва юрак”, “Менинг юлдузим”, “Ёшлик девони”, “Тирик сайёралар”, “Шарқий қирғоқ”, “Келажакка мактуб” каби шеърий тўпламлари, “Нидо”, “Қуёш маскани”, “Руҳлар исёни”, “Кўҳинур” каби достонлари, “Олтин девор”, “Истанбул фожиаси” сингари саҳна асарлари, “Сўз латофати” рисоласи, жаҳон адабиётининг мумтоз намояндалари меросидан қилган таржималари билан ўзига хос ижодий мактаб яратган. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўзбек адабиётининг йирик вакили ижодий меросини кенг ўрганиш, унинг мазмун-моҳиятини ёшларга етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Мамлакатимиз бўйлаб Эркин Воҳидовнинг 80 йиллик юбилейи кенг нишонланди. Марғилон шаҳридаги маданият ва истироҳат боғига Эркин Воҳидов номи берилиб, қайта реконструкция қилинмоқда. 

Истироҳат боғининг майдони 9 гектардан 16 гектарга етказилди. Боғнинг кириш қисмида ёзувчи-ижодкорлар хиёбони ташкил этиш, унга Эркин Воҳидовнинг ҳайкалини ўрнатиш кўзда тутилган. 

Турли тадбирлар ўтказиладиган амфитеатр, ош маркази ва бошқа инфратузилма объектлари барпо этиш белгиланган. Эркин Воҳидов номидаги ёш ижодкорлар мактаби очилади. Бундан ташқари, боғда турли аттракционлар ўрнатилиб, бир неча чойхона аҳолига хизмат кўрсатади. Истироҳат боғига турли мевали ва манзарали дарахтлар, гуллар экилади. 

Президентимиз қаҳрамон шоиримиз номи билан аталадиган ушбу боғ ҳар томонлама мукаммал бўлиши, уни ёшлар маънавиятини юксалтирадиган масканга айлантириш, хиёбонга Эркин Воҳидовнинг энг сара шеърларидан намуналар ёзилган лавҳалар ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. Бу ерга келувчилар Эркин Воҳидов шеърларидан баҳраманд бўлиб, маънавий оламини янада бойитиб олсин, деди давлатимиз раҳбари. 

Истироҳат боғига экиладиган ҳар дарахтга алоҳида эътибор қаратиш, замонавий аттракционлар ўрнатиш, уни замонавий сўлим масканлардан бирига айлантириш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берилди. 

Шу ерда Фарғона вилояти туман ва шаҳарлари марказларини замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида ривожлантириш бош режаси, Марғилонда туризмни ривожлантириш дастури, тижорат банклари томонидан амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Дастур доирасида уй-жой қуриш, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация тизимлари, ижтимоий соҳа инфратузилмасини янада ривожлантириш соҳаларида ўнлаб лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. 

Давлатимиз раҳбари Марғилон ҳунармандлар марказини ташкил этиш, соҳа ходимлари учун қулай солиқ имтиёзлари, зарур шарт-шароитлар яратиш, бошқа лойиҳаларни ҳам янада мукаммаллаштириш, қурилиш ишларини ўз вақтида амалга ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. 

манбаа: uza.uz

Киритилган вақти: 22/06/2017 18:07 Кўрилганлиги: 2114
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Сайтга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 69
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг