Бош саҳифа / Янгиликлар / Oсуда юртнинг тўйлари болаларнинг бахт ва шодлигига эш бўлади
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Oсуда юртнинг тўйлари болаларнинг бахт ва шодлигига эш бўлади

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида жамиятдаги ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, юртдошларимизнинг ҳаётидан қониқиб яшашлари учун шарт-шароит яратиш, айниқса, эҳтиёжманд қатлам вакилларини маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш масалалари устувор вазифаларга айланди.


Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда бир қатор жамоат ташкилотлари томонидан “Президент эътибори – мурувват тадбирларида” шиори остида ўтказилаётган суннат ва никоҳ тўйлари шу йўлдаги ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.

Дастур доирасида вилоятимизда 98 нафар болажоннинг хатна, 7 жуфт йигит-қизнинг эса бахт кечалари нишонланиши режалаштирилган. Бўз туманидаги “Ўзбегим” тантаналар саройида мазкур ҳудудда яшовчи ҳамда улуғнорлик 20 нафар кичкинтой учун ташкил этилган шодиёна эзгу саъй-ҳаракатларнинг дебочаси бўлди. Байрамона безатилган кошонага тўйболаларнинг ота-оналари, яқинлари, жамоатчилик вакиллари таклиф этилдилар.

Юзларидан қувонч балқиб турган бўлажак юрт посбонларинивилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов самимий табриклаб, Президентимиз раҳнамолигида навқирон авлод вакилларининг ҳеч кимдан кам бўлмай униб-ўсишлари, пухта билим эгаллаб, жамиятда ўз ўрнини топишлари йўлида олиб борилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар хусусида сўз юритди. Эл-юртга нафи тегадиган, ота-онасининг орзу-истакларини рўёбга чиқарадиган баркамол инсонлар бўлиб етишишларига тилак билдирди.

Эътиборлиси, мазкур тадбир арафасида ҳар бир болажон учун байрамона миллий либослар тайёрланди. Унутилмас кундан туҳфа сифатида китоблар жамланмаси, велосипед ҳамда тегишли ҳисоб-рақамларга 1 миллион сўмдан маблағ ўтказилган Халқ банкининг омонат дафтарчалари тантанали равишда эгаларига топширилди.

– Ҳаётимдаги бу қувончли кунни ҳеч қачон унутмайман, – дейди ўн ёшни қарши олаётган Жаҳонгир Тожимирзаев. – Аъло баҳоларга ўқиб, келажакда яхши мутахассис бўлиб, ота-онамнинг, Президентимизнинг ишончини оқлашга ваъда бераман.

– Юртимизда инсон қадр-қиммати, ёш авлоднинг эртанги куни ҳамма нарсадан муҳим эканлигини яна бир карра ҳис этиб турибман, – дея қувончини ўртоқлашди улуғнорлик Одинахон Жарқинова. – Ўғлим Диёрбек учун очилган омонат дафтарчани қўлимга олиб, “Бундаги маблағ фарзандингиз келажаги учун сармоя. У 18 ёшга тўлганида берилади”, деган гапларни эшитгач, бу ғамхўрликдан бошим осмонга етди. Чунки ўғлимнинг эртанги кунидан кўнглим тўқ. Уни муносиб тарбиялаб, элга қўшиш йўлида бирдек қайғураётган барча яхши инсонлардан миннатдорман.

Тантанада мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ҳамда вилоятда ижод қилаётган истеъдодли хонандаларнинг тинчлик, Ватан, беғубор болалик ва гўзалликни мадҳ этувчи қўшиқлари қалбларга ажиб тароват, завқу шавқ улашди. Шўх куйларга рақсга тушаётган ўғлонларнинг бахтли ва шодон чеҳраси осуда ва фаровон ҳаётимиз ифодаси бўлди.



Охирги ўзгариш: 25/04/2017 09:57 Кўрилганлиги: 4597
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Сайтга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 1
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг