Бош саҳифа / Янгиликлар / Муаммолар ўз ечимини топмоқда
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Муаммолар ўз ечимини топмоқда

Одамлар буни кундалик ҳаётида сезиши, кўриши зарур

"Эшитдингизми, хоҳласангиз томорқангизга лимон етиштирадиган иссиқхона қуришингиз ёки товуқ боқишингиз мумкин. Кредитга маблағ берилар экан".

Қўшнисининг бу гапи неча кундан бери Дурдонанинг қулоқлари остида жаранглайди.

Вилоят ишчи гуруҳи аъзоларининг эшик қоқиши эса айни муддао бўлди. Қишлоқнинг содда аёли шоша-пиша қўни-қўшнилардан эшитганларига ойдинлик киритди. Мулоқотлардан сўнг қарори янада қатъийлашди. "Бемалол паррандачилик билан шуғуллансак бўлади", деган қарорга келди. Тез кунлар ичида Халқ банки туман бўлими томонидан ажратилган уч миллион тўрт юз минг сўм миқдоридаги кредит эвазига ишлари юришиб кетди.

Олтинкўл тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулбаҳор Султонова билан суҳбатлашар эканмиз, у ишчи гуруҳининг тумандаги саъй-ҳаракатлари туфайли Дурдона Шокирова каби бирини икки қиламан, дейдиган аёлларнинг сафи кенгаяётганини қувонч билан таъкидлади.

Улуғнор туманидаги Улуғбек номли маҳалла фуқаролари кўп йиллардан буён ҳали у, ҳали бу қўшни қишлоқдан ичимлик сувини ташиб келтиришар эди. Бир неча бор "Сувоқава" давлат унитар корхонаси туман бўлимига мурожаат ҳам қилишган. Йиғин раиси Исомиддин Жўраев шундай деди:

– Ишчи гуруҳининг фуқаролар билан мулоқотлари давомида муаммо ижобий якунини топди. Ойгул, Ибн Сино, Рудакий, Анорча ҳамда Янги чек кўчаларида "сув-оқава"чилар 1000 метр масофага сув қувурлари тортдилар. Тоза ичимлик суви ҳар бир хонадонга етказиб бериляпти.

Республикадаги қатор мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи аҳолини ўйлантириб келаётган муаммоларни ҳал этиш, турли мазмундаги мурожаатларни қондириш, турмуш фаровонлигини янада ошириш юзасидан талаб ва таклифларни ўрганиш мақсадида вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида кўчама-кўча юриб, хонадонларга кириб боряптилар.

Мурожаатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида ишчи гуруҳи аъзоларининг таъкидлашича, коммунал соҳалардаги оворагарчиликлар, пластик карточкалар муомаласидаги тўсиқлар, ички йўлларнинг таъмирталаблиги, тиббий хизмат кўрсатиш сифати, нафақа пулини тайинлаш ва тўлаш тартибидаги нуқсонлар аҳолини кўпроқ ўйлантиряпти.

"Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бош мутахассиси Мансурбек Матисаев шундай дейди:

– Ишчи гуруҳи фаоллари шу кунга қадар 521 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 6 мингга яқин хонадонда бўлдилар. Аниқланган 1 минг 300 га яқин муаммонинг салкам мингтасига ўша жойнинг ўзида ечим топилди, қолганлари назоратга олинди.

Очиқ мулоқотларда инсон манфаатлари ҳар нарсадан улуғ деган ҳаётий ҳақиқат ўз аксини топмоқда.

манбаа auz.uz


Киритилган вақти: 11/02/2017 09:08 Кўрилганлиги: 4351
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Сайтга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 204
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг