Махсус имкониятлар
 
Бош саҳифа / Янгиликлар / «ДУНЁДА ЯГОНА ЧАМАН БЎСТОНИМ, ФИДОЙИНГ БЎЛГАЙМИЗ, ЎЗБЕКИСТОНИМ!»
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

«ДУНЁДА ЯГОНА ЧАМАН БЎСТОНИМ, ФИДОЙИНГ БЎЛГАЙМИЗ, ЎЗБЕКИСТОНИМ!»

Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан Андижон шаҳридаги "Соғлом авлод" ўйингоҳида бўлиб ўтган "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" бош ғояси асосидаги бадиий-мусиқий байрам тантаналаридан суратли репортаж

Дилларни ҳайратга, қалбларни жунбушга келтирган Истиқлол шукуҳи худди субҳидам сабосию оппоқ тонг насими каби юраклардан юракларга кўчди. Кексаю ёш, каттаю кичик, олиму фозил, деҳқону ҳунарманд, тадбиркору зиёли чеҳрасидаги ажиб бир ўктамлик замирида эртанги кунга ишонч, келажакка собит қадам, энг муҳими, шукроналик туйғуси, яшнатиш ишқи барқ уради.






Соат 19.00. "Соғлом авлод" ўйингоҳи пештоқидаги "Фидойинг бўлгаймиз, сени, Ўзбекистон!" шиори гўёки барчанинг дилида акс-садо бераётгандай. Теварак-атрофдаги анвойи гуллар, ҳали оқшом қўнмай ложувард кўк сиртидаги юлдузлар каби порлаётган минглаб турфа чироқларга боқиб, байрам тантаналари йилдан-йилга мукаммаллашиб бораётганини кўрамиз.

"Дунёда ягона чаман бўстоним, фидойинг бўлгаймиз, Ўзбекистоним!" мавзусидаги тадбир тантаналари бошланаётгани ҳақида чорлов янгради. Байрамда вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидан таклиф этилган нуронийлар, меҳнат фахрийлари, давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медалларига сазовор бўлган ҳамюртларимиз, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар, ишлаб чиқариш илғорлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.


Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов шодиёна иштирокчилари ҳамда улар орқали вилоятнинг барча аҳолисини Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги билан самимий муборакбод этди.

– Энг улуғ, энг азиз байрам - миллий ўзлигимиз, фахру ғуруримиз, ор-номусимиз сифатида тарих зарварақларига олтин ҳарфлар билан битилган сана – Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 26 йиллик байрами андижонликларга ўзгача шукуҳ ва кўтаринкилик бағишламоқда, - дея таъкидланди. – Шу кунгача эришилган юксак марралар, қувончли натижалар, тараққиёт йўлидаги дадил одимлар оқилона, халқчил сиёсат самарасидир.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.

Муқаддима ва "Элим" вокал-рақс сюитаси билан тантана бошланди.

Саҳнадаги улкан экран орқали Истиқлолнинг улуғ меъмори - Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасига бағишланган лавҳалар намойиш этилганида барчанинг кўзига ёш қалқди.






Ўлмас сиймолар халқимиз қалбидан ўчмайди. Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Тўмарис, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Нодирабегим, Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон, Саида Зуннунова, Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва фаолиятининг ёрқин қирралари санъаткорлар томонидан жонлантирилгани ҳам эътиборни тортди.

Ватанпарварлик руҳи билан суғорилган ҳарбий қўшиқлар янгради. Ҳарбийларимизнинг қўшиққа ҳамоҳанг шаҳдам одимлар билан енгил ҳаракат қилишлари, ўзларининг жисмоний ва жанговар маҳоратларини намойиш этишгани кўпчиликда катта таассурот қолдирди.

Болалар – бизнинг эртамиз, қувончимиз. Тантанада болажонларнинг чиқишлари, завқ билан рақсга тушишлари, қувноқ ашулалари иштирокчиларга кўтаринкилик, қувонч бағишлади.







Вилоят спортчиларининг кўргазмали чиқишлари ҳам ҳаяжонли кечди.

Файзли оқшомда санъат усталари ва ёш эстрада юлдузларининг куй-қўшиқлари шодон олқишлар, рақсларга уланди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Яҳёбек ва Муҳсинжон Мўминовлар, Зиёда Қобулова, Мансурхон Нурматов, Райҳон Ғаниева, "Ниҳол" Давлат мукофоти совриндорлари Дилноза Акбарова, "Дурдона" гуруҳи, таниқли хонандалар Ботир Қодиров, Баҳром Назаров, Аслбек Нигматов ва бошқалар айём иштирокчилари қалбига байрамона кайфият олиб кирдилар.

Мустақиллигимизнинг йигирма олти йиллиги арафасида мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ва ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ишларидаги катта хизматлари, кўп йиллик самарали меҳнати, ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ ҳамюртларимиз давлат мукофотларига сазовор бўлдилар.




- Барча ёшларимизни, юртдошларимизни мана шу қутлуғ айём билан чин юракдан табриклайман, - дейди Асака тумани тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси врачи Ўғилхон Исмоилова. - Байрам арафасида "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирландим. Мен бир она ва шифокор сифатида вилоятимиздаги ўзгаришлардан фахрланиб, қувониб яшаяпман. Она ва бола саломатлиги йўлида қилинаётган ишларни айтасизми, ўзгариб бораётган гўзал Андижонимиз жамолиними, барча-барчаси, халқ учун, инсон манфаати учун эканлигидан яшнаб кетасиз.

Дастурда халқимизнинг севимли санъаткорлари томонидан мусиқий хазинамиздан ўрин олган ноёб ашулалар жаранглади. Жаҳон операси намуналари қойилмақом тарзда ижро этилди. Айниқса, Андижон санъат коллежи ўқитувчилари Холмурод Хорунов ва Шоҳида Нурматовалар ижросига гулдурос қарсаклар жўр бўлди.






Андижонда турли миллат вакиллари бир мақсад йўлида, гўзал ва бетакрор диёримизни янада обод этиш ниятида меҳнат қилмоқдалар. Байрам дастурида кўнгиллардаги орзу-умидлар нақадар яқин эканлиги, эзгу мақсадлар бир-бирига уйғунлиги байналмилал тарзда намоён бўлди.

Ўзбек автомобиллари карвони, "Ўзбекистон" электропоезди рамзий макети намойиш этилганида дилларда ифтихор жўш урди.

- Ўтган йигирма олти йиллик машаққатли ва шарафли даврда қўлга киритган муваффақиятларимизни бугун дунё ҳамжамияти эътироф этмоқда, - дейди "Шуҳрат" медали соҳибаси, вилоят телерадиокомпанияси директори ўринбосари Ферузахон Сиддиқова. - Эришилаётган янги-янги марралар биз ижодкорларни шижоат билан меҳнат қилишга ундамоқда.

Олтинкўл туманидаги "Бахт имкон ривож чорваси" фермер хўжалиги бошлиғи Фахриддин Исмоиловнинг қувончи чексиз:

- Иш билганга минг танга дейишади. Ҳаракат қилган одам мукофотини ҳам оляпти. Бу йил қўша-қўша муваффақиятлар йили бўлди. "Ташаббус - 2017" танловининг "Энг яхши фермер" йўналиши бўйича ғолиб бўлдим. Куни кеча Президентимиз Фармонларига мувофиқ "Дўстлик" ордени билан тақдирландим. Буларнинг бари оддий бир тадбиркорнинг меҳнатига берилган юксак баҳо деб биламан.

Тантана қатнашчилари, каттаю кичик ҳамюртларимиз билан суҳбатлашар эканмиз, уларнинг юз-кўзида ўз ҳаётидан, фаровон кунлардан мамнунлик, хотиржамлик, хурсандлик, ҳамжиҳатлик туйғулари намоёнлигига гувоҳ бўлдик.

Ҳа, истиқлол байрами барчанинг кўнглига хушнудлик, фахр ва ифтихор бағишлади. Байрам шукуҳи диллардан дилларга кўчди.

Тинч ва осуда ҳаётда яшаш ҳар бир юртдошимиз учун ниҳоятда қадрли эканлигини англаш, яратиш, интилиш, эртанги кунга бўлган ишонч, Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳар бир инсоннинг бу ҳаётдан рози бўлиб яшашига имкон бераётир. Аслида, бизнинг тақдиримиз, бахтимиз мана шу Ватан билан боғлиқ. Шундай жаннатмакон, осуда юртда яшаш ҳар биримизнинг толеимизга битилган бахтдир. Бу бахтга шукроналик келтириб, ўз меҳнатимиз билан Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётганимиз дилларга сурур бағишлайди.





Андижон шаҳридаги байрам тантанаси кўтаринки руҳда якунланди. Истиқлол шодиёналари вилоятимизнинг барча қишлоқ ва маҳаллаларида озод ва обод юрт фуқаролари хонадонларида давом этмоқда.


Киритилган вақти: 30/08/2017 09:54 Кўрилганлиги: 361
 
Жами мурожаатлар: 1235 (100%)
Кўриб чиқилган: 1013 (82%)
Кўриб чиқилмоқда: 222 (18%)

Сайтга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
Ташриф:
Кўришлар:
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг