Бош саҳифа / Янгиликлар / “Дарё.uz” интернет нашрида эълон қилинган мақолалар юзасидан
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

“Дарё.uz” интернет нашрида эълон қилинган мақолалар юзасидан

“Дарё.uz” интернет нашрида эълон қилинган “Андижондаги кўзбўямачиликда алданган аёл бир умрга Россияга кетишга қарор қилди” ва “Андижондаги кўзбўямачиликда алданиб, бир умрга Россияга кетишга қарор қилган аёл ўз жонига қасд қилишга уринди” мақолалари юзасидан

 


“Дарё.uz” интернет нашрида 25 июль куни “Андижондаги кўзбўямачиликда алданган аёл бир умрга Россияга кетишга қарор қилди” ҳамда 29 июль куни Андижондаги кўзбўямачиликда алданиб, бир умрга Россияга кетишга қарор қилган аёл ўз жонига қасд қилишга уринди” сарлавҳали мақолалар эълон қилинди. Биринчи мақолада суҳбат тарзида Муяссар Раҳимованинг Россия Федерациясига кетиши ёритилган бўлса, иккинчисида унинг ўз жонига суиқасд қилгани ва унинг сабаблари келтирилган. Ҳар иккала мақолада муаллиф Мусулмонбек Иброҳимов ҳолатни тўла ўрганмасдан, бир тарафлама, нохолис ёзган.

Биринчи мақолада қуйидагилар баён этилган.

Мухбир саволи: “...Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан таклиф қилинган цехдаги ишни нима учун рад этмоқдасиз?

Муяссар Раҳимованинг жавоби: Ўзимнинг ҳисобим бўйича, цехда кунига 70-100 минг сўм атрофида ишлашим мумкин эди. Икки сменада ишлаган кунларим ундан ҳам кўп топаман, деб ўйлагандим. Саккиз ой давомида
1 миллион 800 минг сўм билан қолдим. Шунинг учун бу ерда ишлашнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман… Цехда ишлаганларнинг бирортаси рўшнолик кўрмади. Ишлаганларнинг ойлигини толон-торож қилишди.

Аслида эса: Уйлари бузилишга тушган аҳоли билан бирма-бир ўтказилган суҳбат давомида узоқ йиллардан буён ушбу маҳаллада ижара асосида яшаган, муқим уй-жойи бўлмаган, уй-жойсиз қолиб кетиши мумкин бўлган 50 дан ортиқ қийин ижтимоий вазиятдаги аёллар аниқланган. Ушбу аёлларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида бузилишга тушган “Мустақиллик” маҳалласи ҳудудида бўш турган бинода “Андижон минтақавий пахта терминали” МЧЖ қошида 300 ўринли “Мустақиллик тикувчилик мажмуаси” МЧЖ ташкил этилган.

Ишчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида бир маҳал иссиқ овқат ташкил этилган. Кичик ёшдаги фарзандлари учун шу ҳудуддаги
19-мактабгача таълим муассасаси қошида бепул гуруҳ ишламоқда.

Муяссар Раҳимова ушбу тикувчилик мажмуасига 2018 йил
12 октябрь куни ишга қабул қилинган. Қабул қилинган кундан бошлаб
2019 йилнинг май  ойигача  жами 70 (етмиш) кун меҳнат қилган. Жумладан,
2018 йил октябрь ойида 3 кун, ноябрь ойида 12 кун, декабрь ойида 19 кун,
 2019 йил январь ойида 9 кун, февраль ойида 16 кун, март ойида 5 кун, апрель ойида 6 кун корхонага ишга келганлиги корхона устаси К.Авазметов томонидан ишчиларнинг иш вақтини ҳисобга олиш жадвали (табель)да белгиланган. Табелга асосан ўтган вақт давомида  ишлаган ойлик иш ҳақи 3 млн. 427 минг
524 сўмни ташкил этган. Жами 1 млн. 30 минг сўм иш ҳақи олган. Пенсия фонди учун жами 171 минг 948 сўм жамғарилган. Қолган 2 млн. 397 минг 524 сўм миқдордаги иш ҳақлари уй-жойга дастлабки тўлов учун йиғиб борилган.

2019 йилнинг 15 февраль куни Андижон шаҳрида янги барпо этилган “Мустақилликнинг 27 йиллиги” маҳалла фуқаролар йиғинида қуриладиган кўп қаватли уйлардан ипотека кредити асосида 3 хонали квартира учун “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК МЧЖ билан 2/5 сонли шартнома тузилган. Шартнома М.Раҳимованинг ўзини розилиги билан тузилган ва имзоланган. Бошланғич бадал сифатида 22 май куни ҳолатига 14.800.000 (ўн тўрт миллион саккиз юз) сўм ўтказилган. Шундан 2019 йилда ишлаган маошининг 2.397.524 сўми (икки миллион уч юз тўқсон етти минг беш юз йигирма тўрт) ўз иш ҳақи ҳисобидан бўлган. М.Раҳимованинг 2019 йил 13 июнь кунги ўзи ва фарзандининг саломатлиги яхши эмаслиги ва моддий жиҳатдан қийналиб қолганлиги учун кўмак сўраб қилган мурожаатига асосан ушбу маблағ ҳам қайтариб берилган. Уй-жой учун 2019 йил 28 июнь куни қўшимча 1 млн. 200 минг сўм, жами
16 млн. сўм маблағ корхона томонидан ўтказиб берилган.

Бундан ташқари, мазкур мажмуада меҳнат қилаётган уй-жой билан боғлиқ муаммолари бор, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган 42 нафар ходимларни ҳам ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уй-жой билан таъминлаш мақсадида “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК билан 15 февраль куни шартномалар тузилган бўлиб,
605 млн. 626 минг сўм дастлабки тўлов учун маблағлар ўтказиб берилган. Ушбу маблағларнинг 86 млн. 226 минг сўми уй олувчиларнинг жамғариб борилган иш ҳақлари ҳисобидан, 519 млн. 400 минг сўми корхона соф фойдаси ҳисобидан ўтказиб берилган. Ушбу уй-жойлар 2019 йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

 Мухбир саволи: “ Ҳаётнинг турли тўсиқларига учраган, бошидан кўп савдоларни ўтказган сиз каби аёлларга олдидаги синовларни енгиб ўтиш учун Ўзбекистонда имконият бор, деб ўйлайсизми?

М.Р. жавоби: “Менимча, йўқ. Қўллаб-қувватлайдиган ҳеч нарса йўқ. Лекин менга Ўзбекистон ҳеч нима бермади деб ўйлайман...”

Аслида эса: Муяссар Раҳимова 2018 йилнинг 3 июль куни “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури доирасида 36 ой муддатга 7 фоиз устама тўлаш шарти билан “ЎзСаноатқурилишбанк” вилоят бўлими томонидан қандолатчилик фаолиятини ривожлантириш учун 17 млн. (ўн етти миллион) сўм миқдорида имтиёзли кредит олган. Бу маблағ унинг томонидан мақсадсиз сарфланган.

М.Р. “....Ажрашмаган вақтимда ҳам турмуш ўртоғим пул билан таъминламасди....”

Аслида эса: М.Раҳимованинг шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғи Ш.Юнусов томонидан 3 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун 2019 йил февраль ойидан алимент тайинланган. Шу кунга қадар 2 млн. 772 минг 302 сўм алимент олган.

Мухбир саволи: “... Сизларни тикувчилик цехига ишга жойлаштиришаётганда меҳнат қонунчилиги билан, яъни ҳуқуқларингиз, иш бериш шартлари билан таништиришганми?

М.Р. жавоби: “Йўқ, ҳеч қанақа ҳақ-ҳуқуқимиз тушунтирилмаган. Ҳеч қандай иш берувчининг ёки ишчининг мажбуриятлари айтилмаган. «Биз ишлайсан деган пайтда ишлайсан, дам оласан деган пайтда дам оласан. Керак бўлса, 24 соат ухламайсизлар, тикув машинасининг устида ухлайсизлар, эмизикли фарзандларингиз билан шу ерда ишлашга мажбурсизлар», дер эди. Бу - қуллик, қул бўлганмиз, тамом. Аввалги замонларда бўлгани каби ўзимни қулдек ҳис қилганман. Эмизикли фарзандимни аравачага солиб, ёнимга қўйиб, йиғласа қараб ишлаганман. Боламнинг тутқаноғи борлиги учун боғчага қабул қилишмаган. Ўлса ҳам, қолса ҳам жавобгарлиги ўзимнинг бўйнимда деб ёзиб берганимдан кейин, боламни қабул қилишган. Унгача қабул қилинмаган. Кунига 22 соатлаб ишлаганмиз, 2 соат дам олиб, яна чиқиб ишлаганмиз. Пенсия дафтарчаси ва меҳнат дафтарчаси ҳам берилмаган. Ҳеч қандай шартномасиз ишга кириб, 8 ой ишлаб келдик. Ҳеч қандай шартномасиз улар бизнинг ойлигимиздан ушлаб қолишди…”

Аслида эса: Бугунги кунда ушбу корхонада жами 97 нафар аёл меҳнат қилмоқда. Ишчиларнинг барчасига меҳнат дафтарчалари очилган. Жумладан, М.Раҳимова 2018 йил 12 октябрь куни 11-сонли буйруқ билан ишга қабул қилинган. Шу санада АN 676764 рақамли меҳнат дафтарчаси очилган. ИНН (546324870) ва  шахсий идентификация рақамлари (41907891240050) мавжуд. Техника хавфсизлиги билан таништирилган. Ишчиларнинг меҳнати учун ҳақ тўлаш ҳисоби ишчиларнинг иш вақтини ҳисобга олиш жадвали орқали ишбай тартибида олиб борилган.

 

Муаллифнинг иккинчи мақоласида қуйидагилар баён этилган:

Мухбир саволи: “...Муяссархон Раҳимова “Ҳаммани қақшатиб, болаларни кўчага қўйиб қурилаётган Andijon City’нинг кимга кераги бор эди”.

Аслида эса: 2018 йилда “Обод маҳалла” дастури доирасида Андижон шаҳрининг энг муаммоли ва криминоген ҳудудларидан бўлган “Мустақиллик” маҳалласи ҳудудида “Аndijan City” ишбилармонлик маркази ташкил этилиши режалаштирилган. Бузилишга тушган “Мустақиллик” маҳалласининг аҳолиси учун Андижон шаҳри билан чегарадош бўлган Хўжаобод туманидаги “Хидирша” массиви ҳудудида янги - “Мустақилликнинг 27 йиллиги” маҳалла фуқаролар йиғини барпо этилган. Ушбу маҳаллага 814 та 2 сотихли коттежлар қурилган. “Қишлоққурилишинвест” ИК МЧЖ томонидан 7 та 4 қаватли уй қурилиши амалга оширилмоқда. Бузилишга тушган “Мустақиллик” маҳалласининг аҳолиси учун барчасига компенсация пуллари ёки уларнинг хоҳиш-истакларига кўра, 2 сотихли коттежлар берилиши кўзда тутилган. Мақола муаллифи шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2018 йил 27 ноябрдаги 963-сон қарорини эътибордан четда қолдирган.


Мақола муаллифи: “Муяссар Раҳимова ўзини ёмон ҳис қилиб «диазолин», «глицирин» ва бошқа дори воситаларини истеъмол қилиши оқибатида юз берган”лигини таъкидламоқда.


Аслида эса: М.Раҳимованинг онаси Манзура опа оилавий келишмовчилик сабаб дори воситаларини керагидан ортиқ истеъмол қилганлигини айтиб ўтди. Биринчи ёрдам кўрсатган шифокор Нурбек Ҳожиматовнинг аниқлашича, бемор Раҳимова мухбир қайд этганидек, “глицирин” эмас (аслида “Глицерин”), “Глицин” таблеткасини истеъмол қилган. Унга “Глицин”, “Карбамазепин” ва “Диазолин” дори воситаларини ичиши натижасида “ўткир полимедикация билан заҳарланиш” ташхиси қўйилган.


М.Р. “....Андижон шаҳар прокуратурасидан «Нима сабабдан дори ичдингиз, нима учун ижара уйда ўтирибсиз каби масалаларга аниқлик киритиш учун сизни чақиртирамиз», дейишди. Уларга вилоят ҳокимидан сўрасанглар нимага ижара уйда ўтирганимни, нима учун кўчада қолганимни, шу аҳволга тушганимни айтади, дедим”.

Аслида эса: Муяссар Раҳимова яшаб турган ва қайнотасининг номида бўлган хонадон учун коттеж ажратилган. Ушбу аёл ҳудуддаги бузилишлар вақтига қадар Андижон шаҳридаги “Мустақиллик” МФЙнинг Амир Умархон кўчаси, 11-уйда фуқаролик рўйхатида бўлган. 2013 йилда Шерзод Юнусовга қонуний никоҳни расмийлаштирмасдан, шаръий никоҳ асосида турмушга чиққан. Улар яшаган уй-жой қайнотаси Абдуғани Юнусовнинг номида бўлган (кадастр ҳужжатларига кўра, олди-сотди шартномаси 2014 йил 25 июнда нотариал тартибда тасдиқланган). Уй-жой бузилишга тушганидан сўнг, бу хонадон вакиллари учун “Хидирша” массивида янги барпо этилган “Мустақилликнинг 27 йиллиги” МФЙдан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги 963-сон қарорига  асосан (битта кадастр ҳужжати бор уйга битта уй) 106-коттеж ажратилган. Ш.Юнусов оилавий келишмовчилик сабабли, бошқа аёлга уйланиб олган ва ҳозирда ажратилган коттежда яшаб келмоқда..

М.Р.: “...Мавлуда опа уйимизга келиб, онамдан «Машинада кетасизларми ёки самолётдами, неча киши кетяпсизлар» деб суриштирибди. У Андижон шаҳар уй-жой бўлимига бошлиқ бўлиб қолибди. Буларни ҳаммаси найранг. Мавлуда опани ҳамма ишда айблаб бўшатишди-ю, уй-жой бўлимига бошлиқ қилиб қўйилди. Онамга ‘бошланғич тўлов пули билан келинглар, навбатсиз уй олиб бераман, мени раҳбар қилиб қўйишди, энди ҳамма нарсанинг иложиси бор”, дебди. Улардан кейин маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари ҳам келиб, ким қаёққа кетаётгани ҳақида сўрабди. Булар менга тўсиқ қўйиб, чиқариб юбормаслиги ҳам мумкин», — деди у...”.

Аслида эса: “Мустақиллик тикувчилик мажмуаси”нинг собиқ кадрлар бўлими бошлиғи вазифасида ишлаган Мавлуда Нишонова М.Раҳимованинг онасиникига унинг таклифи билан шахсий масалада келган. Суҳбат давомида уй-жой бўлими хусусида ҳеч қандай фикр билдирилмаган. Корхонада кадрлар бўлими бошлиғи вазифасида ишлаган Мавлуда Нишонова Муяссар Раҳимова айтмоқчи бўлган уй-жой бўлимига бошлиқ бўлмаган. Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Ҳокимият балансидаги муниципиал турар-жой фондлари ва ётоқхоналарини бошқариш хизмати” давлат унитар корхонаси директори этиб шаҳар ҳокимининг 2018 йил 2 апрелдаги қарори билан Парпиев Дилмуроджон Рустамбек ўғли тайинланган ва ҳозирга қадар ушбу лавозимда ишлаб келмоқда. Муяссар Раҳимова шу кунда ҳам корхона ишчиси ҳисобланади. Меҳнат шартномаси унинг оилавий ҳолатини эътиборга олган ҳолда бекор қилинмаган.

Маҳаллий ҳокимлик ва хотин-қизлар қўмитаси мутасаддилари 29 июль куни М.Раҳимованинг хонадонига бориб, суҳбатлашди ҳамда Ўзбекистон фуқароси сифатида доимий равишда ижтимоий қўллаб-қувватланишини билдирди. Фарзандини имтиёзли равишда МТМга жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ўзига 2 млн. сўм кафолатланган ойлик маошли янги иш ўрини таклиф этилди.

Шунингдек, яқин кунларда “Қишлоққурилиш” ИК МЧЖ томонидан қуриб битказилаётган кўп қаватли уйлардан ажратилган 3 хонали хонадонга кўчиб кириши яна бир бор етказилди.

Юқоридаги мақоладан келиб чиқиб, журналистик қарашлар жамиятнинг ижтимоий фикрини тўғри шакллантиришга хизмат қилиши, мақолалар тайёрланишида ҳар томонлама ўрганилиши ва шаффоф бўлиши талаб этилади.

“Дарё.uz” интернет нашрининг ушбу материалларида келтирилган маълумотлар бўйича биз томонимиздан билдирилган эътирозлар расмий ҳужжатлар билан тасдиқланган. 




Киритилган вақти: 31/07/2019 00:52 Кўрилганлиги: 366
 
Жами мурожаатлар: 1359 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (80%)
Кўриб чиқилмоқда: 267 (20%)

Сайтдаги интерактив хизматларга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 88
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг