Бош саҳифа / Янгиликлар / Билим эшиклари билимдонлар учун очиқ
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Билим эшиклари билимдонлар учун очиқ

1 август куни барча олий ўқув юртларида тест синовлари бўлиб ўтди. Вилоятимиз олий таълим муассасаларига жами 68 минг 64 нафар ёш ҳужжат топширди. 

Бу кўрсаткич ўтган йилгига нисбатан 7 минг 572 нафарга кўп. Андижон шаҳри ҳамда Андижон, Олтинкўл, Избоскан туманлари таълим муассасаларининг 73 та биноси эрта тонгдан абитуриентлар ва ота-оналар билан гавжум бўлди.

Вилоят ҳокимлиги ва тегишли ташкилотчилар томонидан тест синовларини белгиланган меъёрлар асосида тартибли ва кўтаринкиликда ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилган. Аудиториялар керакли анжомлар билан жиҳозланган. Назоратчилар саволлар китоби, жавоблар варақаси, илова ва шаклларни қандай тўлдириш ҳақида яна бир бор эслатиб ўтдилар. Абитуриентлар ишонч билан жавоблар варақасини тўлдиришга киришдилар. Ота-оналарни ёзнинг иссиғидан паналаниши, вақтни мазмунли ўтказиши учун шароитлар яратилган. Ҳар бир муассаса олдига махсус ўриндиқлар ўрнатилган.






Андижон давлат тиббиёт институтига 6 йўналиш бўйича 520 ўрин ажратилган. Бу ўтган йилгига нисбатан 115 тага кўп. Талаба бўлиш истагида ҳужжат топширганлар эса 10 минг 677 нафар абитуриентни ташкил этди. Демак, билимлар жиддий синовдан ўтади.

– Кенжа қизим Дилноза бу йил Чуст тиббиёт коллежини тамомлади, - дейди Наманган вилоятидан келган Ҳосиятхон Саидова. – Ҳозир даволаш факультетига ўқишга кириш учун имтиҳон топширяпти. Ўғилларимнинг иссиқ кунда, чарчаб қоласиз, дейишганига қулоқ солмай келавердим. Мана соя-салқин жойларда дам олиб ўтирибмиз. Бу йил тамомила ўзгача тайёргарлик бўлибди.

Акбаржон Пайғамов ёшлигидан шифокор бўлишни ният қилади. Бу йил унинг тўртинчи бор абитуриентлик ҳиссини туюши.

– Аъло даражада топширдим, деб ўзимга ишоняпман. Худо хоҳласа, сентябрдан талаба бўлиб ўқишга келаман. Келажакда онажоним орзу қилганидек, мохир шифокор бўламан.

Андижон қишлоқ хўжалиги институти талабаси бўлиш учун 13 минг 383 йигит-қиздан 16 йўналиш бўйича 1000 нафари саралаб олинади.

Мафтуна Ўктамжонова аграномия факультетига ҳужжат топширди.

– Биринчи марта имтиҳонга киришим, - деди у. – Шунданми, ҳаяжоним кучли. Уни енгишга, бор билимимни ишга солишга ҳаракат қиляпман. Ахир бу кунни, талаба бўлиш бахтини қанча кутдим.

Мўминжон Хасанов синов варақасини биринчилардан бўлиб белгилаб чиқди.

  • Мактабда, лицейда аъло баҳоларга ўқиганим учун саволларга жавоб бериш менга қийинчилик туғдирмади, - дейди у. – Албатта, грант асосида ўқишга кираман.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон давлат университетига 26 та йўналиш бўйича 29850 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Демак, битта ўринга 21 нафар талабгор тўғри келяпти.

- Қизим Дилноза имтиҳонга кириб кетгандан буён омад тилаб дуо қилмоқдаман, -дейди шаҳрихонлик Дилфуза Бозорова. - У шу кунгача жиддий тайёрланди, ўқиди. Юртимизда яратиб берилаётган шароитлар, адолат мезонига айланган тест синовларидан муваффақиятли ўтади, деб умид қиляпман.

Андижон машинасозлик институтида эса 12 йўналишга 14 минг 154 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Улардан 935 нафари талабаликка қабул қилинади.

-Биз Қўқондан келдик, -дея ўзини таништирди Муқаддамхон Муҳаммадалиева. -Ўғлим Муҳаммадали ер усти транспорти факультетида таҳсил олмоқчи. У ҳозир ўйланиб-ўйланиб тест ечаётган бўлса керак. Омадини берсин.

Биринчилардан бўлиб, тест синовини топшириб чиққан асакалик Сардорбек Мамадалиев эса ҳали ҳаяжони босилмай, шундай деди:

- Мен Асака автомобилсозлик касб-ҳунар коллежини тамомлаган эдим. Назаримда, берилган саволларнинг кўпига жавоб бердим. Ўқишга киролсам, машинасозлик саноатини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаман.

Қисқа фурсатлардан сўнг ғалвир сувдан кўтарилади. Албатта, билим ўз сўзини айтади. Ўқиб-ўрганиб, изланган, тенгдошларидан кучлилигини исботлай олган абитуриент талабаликнинг олтин даврларига йўл олади.



Киритилган вақти: 01/08/2017 15:29 Кўрилганлиги: 4535
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Сайтдаги интерактив хизматларга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 84
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг