Бош саҳифа / Янгиликлар / Азалий муносабатлар тикланмоқда
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Азалий муносабатлар тикланмоқда

Андижон вилояти, Хўжаобод туманидаги “Дўстлик” чегара мажмуасида Андижон вилояти ҳамда Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбаевнинг таклифига биноан Қирғизистон Республикасида бўлди. Ташриф доирасида қўшни ўзбек ва қирғиз халқлари манфаатларига хизмат қилувчи қатор келишувлар имзоланди.






Чегара мажмуасида Қирғизистон Республикасидан ташриф буюрган меҳмонлар кенг жамоатчилик, юртимизда истиқомат қилаётган қирғиз миллатига мансуб ватандошларимиз ҳамда ёшлар вакиллари иштирокида карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари, ҳукумат делегациялари учрашувидан кейиноқ ўтказилган мазкур тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов, Ўш вилояти губернатори Талаайбек Сарибашев, Ўш шаҳри мэри Айтмамат Қадирбоев икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари қадим тарихга эга эканлиги, давлатларимиз раҳбарлари учарашуви нафақат ана шу дўстликни, балки икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий, маданий ва яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлида янги саҳифа очганлигини таъкидладилар.










Дўстлик ришталари ҳамда ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши, ўзаро бориш-келишдаги тўсиқлар, ортиқча расмиятчиликларга барҳам берилаётгани айниқса, асрлар давомида елкадош яшаётган, тили, дили, дини бир икки халқ аҳолисини беҳад қувонтирди.

- Менинг миллатим қирғиз, Ўзбекистон фуқаросиман, - дейди Хўжаобод туманидаги 10-умумтаълим мактабининг қирғиз тили фани ўқитувчиси Хонойим Арзиева. – Шукрки, олиб борилаётган одилона сиёсат туфайли мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланган. Қирғизистонда яқин қариндошларим жуда кўп. Фақат кейинги йилларда алоқаларимиз узоқлашиб қолган эди. Давлатларимиз раҳбарлари учрашувидан кейин борди-келди учун эшиклар очилаётганлигидан бошимиз кўкка етди.



- Ҳақиқатдан ҳам икки қўшни халқ ўртасидаги тўсиқлар сабабли қариндош-уруғларимиз билан борди-келди узилиб қолган эди, - дейди Хўжаобод туманидаги Солпи маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Қундузхон ая Ғоппорова. – Фақат тўй ёки маъракаларда телеграмма (чақирув) орқали дийдорлашардик. Ахир биз асрлар давомида қўшни бўлиб яшаганмиз, Қирғизистонга қиз бериб, қиз олганмиз. Халқларимизни янада яқинлаштирганлиги учун икки давлат раҳбарларидан, хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёвдан чексиз миннатдормиз.

- Бугунги учрашув икки қўшни халқ ўртасидаги ҳақиқий дўстлик байрамига айланди, - дейди тадбир иштирокчиси, Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, “Ўш” халқаро альманахи бош муҳаррири Салима Шарипова. - Мана шу кунни халқларимиз қатор йиллар кутиб яшади. Ишонаманки, энди қўшничилик муносабатларимиз, хамкорлигимиз янада юқори босқичга кўтарилади. Бундан барчамиз фақат фойда кўрамиз.

- Вилоятимизда жуда кўп қирғиз миллатига мансуб аҳоли яшайди, - дейди Андижон вилояти Қирғиз миллий маданий маркази раҳбари Обиджон Носиров. – Миллий анъаналаримизни ривожлантириш, ўз она тилимизда ўқиш учун барча шартоитлар яратилган. Айни кунда 20 дан ортиқ умумтаълим мактабларида қирғиз тили ўқитилмоқда, Андижон давлат университети филология факультетининг қирғиз тили ва адабиёти йўналишида 70 дан ортиқ ёшларимиз таҳсил олмоқда. Икки қардош халқ ўртасидаги қўшничилик муносабатлари тикланганлигидан, айниқса, биз жуда ҳам хурсандмиз. Бунинг учун давлатимиз раҳбаридан чексиз миннатдормиз.

Учрашув якунида бадиий жамоалар, ёш санъаткорлар томонидан намойиш этилган концерт дастури барчага хуш кайфият улашди.

Киритилган вақти: 06/09/2017 12:06 Кўрилганлиги: 4219
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Сайтдаги интерактив хизматларга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 132
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг