Бош саҳифа / Янгиликлар / "ЎЗНЕФТГАЗИНСПЕКЦИЯ" ТОМОНИДАН ТАРҚАТИЛГАН ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИДА ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН ТАБИИЙ ВА СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗ ЎҒИРЛАНГАНЛИГИ ТЎҒРИСИДАГИ ХАБАРГА "ҲУДУДГАЗТАЪМИНОТ" АЖ АНИҚЛИК КИРИТМОҚДА
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

"ЎЗНЕФТГАЗИНСПЕКЦИЯ" ТОМОНИДАН ТАРҚАТИЛГАН ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИДА ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН ТАБИИЙ ВА СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗ ЎҒИРЛАНГАНЛИГИ ТЎҒРИСИДАГИ ХАБАРГА "ҲУДУДГАЗТАЪМИНОТ" АЖ АНИҚЛИК КИРИТМОҚДА

"Табиий ва суюлтирилган газдан фойдаланишда бир қатор қонунбузарликлар аниқланди." Айнан, мана шундай сарлавҳа остида "Ўзнефтгазинспекция" томонидан тарқатилган пресс-релизда, ушбу ташкилот кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларига ҳудудларда табиий ва суюлтирилган газни ўғирланиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида хабар берди. Аммо унда келтирилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди - деб хабар беради "Ҳудудгазтаъминот" АЖ Матбуот хизмати.

Хусусан, пресс-релизда "энг жиддий ҳуқуқбузарликлар Наманган ва Жиззах вилоятларида аниқланди. “Мезбон” МЧЖ ва “Нафосат бекати” МЧЖ корхоналарига тегишли умумий овқатланиш корхоналарида жами 306 млн. сўмлик 306 минг метр куб ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиш ҳолатлари аниқланди" деб таъкидланади.

"Ҳудудгазтаъминот" АЖдаги мавжуд маълумотларга кўра, Наманган вилоятидаги "Мезбон" МЧЖга қарашли овқатланиш жойини текшириш "Ҳудудгаз Наманган" МЧЖнинг "Уйчитумангаз" филиали мутахассислари томонидан олиб борилган. Табиий газдан ноқонуний фойдаланиш фактларини аниқлаш натижалари бўйича Мажбурий ижро бюросининг туман бўлими ходимлари қарор қабул қилиш учун таклиф қилиниб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирган. "Ўзнефтгазинспекция" вакиллари ушбу тадбирда иштирок этмаганлар.

Яна бир мисол. "Ўзнефтгазинспекция" таъкидлашича, "Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида ҳеч қандай рухсатномасиз, ўзбошимчалик билан оҳак цехи томонидан газ тармоғига уланиб газдан ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги аниқланди. Дастлабки хисоб китоб бўйича жами 330 млн. сўмлик 330 минг метр куб ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиш ҳолатлари аниқланди".

Ушбу вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ қуйидагиларни маълум қилади: Ҳақиқатдан ҳам, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида табиий газни ўғирлаш ҳолати қайд этилган. Текширув пресс-релизда таъкидланганидек, "Ўзнефтгазинспекция" ходимлари томонидан эмас, балки "Ҳудудгазтаъминот" АЖнинг таркибий бўлинмалари ишловчи, хусусан, "Пасдарғомтумангаз" филиали мутахассислари, уста М.Тўхташев, метролог Б.Собиров ва чилангар Г.Исломовлар томонидан амалга оширилган. Текширувга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам жалб этилган. Номаълум сабабларга кўра, "Ўзнефтгазинспекция" мазкур текширув натижаларини ўз номидан эълон қилди, зеро, ташкилот мутахассисларининг бу текширувга умуман алоқаси йўқ ва бу тадбирда улар иштирок этишмаган.

Шунингдек, "Ўзнефтгазинспекция"нинг пресс-релизида қонунубузарликлар билан боғлиқ яна бошқа мисоллар жумладан, пойтахт ҳудудида ўтказилган текширувлар ҳақида ҳам маълумотлар келтирилади. Хусусан, "яна бир нечта газ таъминоти тизимига рухсатсиз уланиш ҳолатлари Тошкент вилоятининг Тошкент ва Қибрай туманларида аниқланган. 157 минг метр куб хажмдаги табиий газдан ноқонуний равишда иссиқҳоналар ва "Муҳаммад" МЧЖ паррандачилик фермаларидан бирида фойдаланилган. Умуман олганда вилоят ҳудудида жами 690 млн. сўмлик 690 минг метр куб ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиш ҳолатлари аниқланди" деб маълумот келтирилган.

Мазкур ҳолат билан боғлиқ айни ҳақиқатни аниқлаш учун "Ҳудудгазтаъминот" АЖ қуйидагиларни маълум қилади: газ таъминоти тизимига ноқонуний уланишларни аниқлаш бўйича текширувлар "Ҳудудгаз Тошкент" МЧЖ "Тошкенттумангаз" филиали томонидан, "Ўзнефтгазинспекция" мутахассислари ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирокида ўтказилган.

Шунга ўхшаш яна бир ҳолат, Қибрай туманида ҳам содир бўлгани келтирилган. Пресс-релизга кўра, "Ўзнефтгазинспекция" томонидан иссиқхоналар ва "Муҳаммад" МЧЖга қарашли паррандачилик фермаларидан бирида табиий газни ўғирлаш билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолати аниқлаган. Аслида эса, бу текширув ҳам "Қибрайтумангаз" филиали ходимлари томонидан, "Ўзнефтгазинспекция" мутахассисларини жалб этган ҳолда аниқланган. Газ таъминоти тизимидаги бундай қонунбузилиши ҳолатларини аниқлаш учун текширувлар "Ҳудудгазтаъминот" АЖнинг таркибий бўлинмалари томонидан мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда.

Андижон вилоятида суюлтирилган газни ўғирлаш бўйича аниқланган ҳолатларга аниқлик киритиб ўтиш лозим. Пресс-релизда қайд этилишича, аҳоли учун тарқатиладиган суюлтирилган газдан "Андижон шаҳаргаз" филиалида 25 минг кг. (54,3 миллион сўм) миқдордаги газни ноқонуний ҳисобдан чиқариш ва омборни текшириш вақтида ушбу филиал ходимлари томонидан 738 млн. сўмлик 2390 дона маиший газ баллонларининг етишмаслиги ҳолатлари аниқланган. Ушбу далилларга қўшимча равишда, филиал ходимлари томонидан аҳолидан суюлтирилган газ учун олинган 80 млн. сўм пул маблағлари хизмат кўрсатувчи банк кассасига топширмаслик бўйича жиддий қонунбузилишига йўл қўйилган.

"Ҳудудгазтаъминот" АЖда мавжуд маълумотларга кўра, Андижон вилоятидаги ушбу текширув "Ўзнефтгазинспекция" томонидан 2019 йил ноябрь ойида ўтказилган. "Ҳудудгаз Андижон" МЧЖ билан биргаликда текширув тадбирларни ўтказиш учун 2019 йил 7 ноябрда 04-12 КБ-сон икки томонлама буйруқ қабул қилинганига қарамай, "Ҳудудгаз Андижон" МЧЖ ходимлари қонуний келишувлар доирасида текширувларда иштирок этиш учун таклиф қилинмаган.

Андижон вилояти ҳудудидан суюлтирилган газни олиб чиқишга уриниш ҳолатига ҳам аниқлик киритилиши лозим. "Ўзнефтгазинспекция" нинг пресс-релизида, "Андижон вилоятида амалга оширилаётган тадбирлар давомида 8 январь куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан биргаликда инспекция томонидан Андижон вилояти ҳудудидан суюлтирилган газни олиб чиқишга уринишнинг олди олинди. 24 млн сўм қийматидаги 10,2 тонна суюлтирилган газ, давлат рақами 70 707 ВАА газ ташиш автомашинасида олиб кетилаётганида аниқланди. Ушбу ёқилғи "Шаҳрихон" газ тўлдириш шаҳобчасида ноқонуний тарзда юкланганлиги маълум бўлди" деб қайд этилган.

Андижон вилоятидаги мазкур текширув ҳам аслида, вилоятдаги суюлтирилган газ тўлдириш пунктларини текширувдан ўтказишга қаратилган "Ҳудудгазтаъминот" АЖнинг тегишли буйруғи доирасида амалга оширилган. Аниқланган қоидабузарликлар бўйича, етакчи муҳандис - "Шаҳрихон" газ тўлдириш шаҳобчаси бошлиғи - Давронов Шавкат, суюлтирилган газ ҳисобини юритиш бўйича техник, ҳисобчи - Шукуров Шухрат ва мазкур суюлтирилган газ тўлдириш шаҳобчаси қуювчи-тўкувчиси - Расулов Жасурбекларга нисбатан хизмат вазифаларини бажаришдаги қўпол қонунбузарликлари юзасидан қонунчилик доирасида тегишли чоралар кўрилди. Барча материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур маълумотни тайёрлаш жараёнида "Ўзнефтгазинспекция" АЖ томонидан эълон қилинган пресс-релизнинг услуби ва имлоси сақланди. "Ҳудудгазтаъминот" АЖ томонидан амалга оширилган текширишлар тўғрисидаги барча тасдиқловчи ҳужжатлар акциядорлик жамиятининг матбуот хизматида мавжуд.

"Ҳудудгазтаъминот" АЖ ўз фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаган ҳолда, бундан кейин ҳам, соҳа ҳолати тўғрисида ҳақиқатга мос бўлган маълумотлар билан кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилишни давом эттиради. Фурсатдан фойдаланиб, табиий газ ва суюлтирилган газ истеъмолчиларидан газ таъминоти тизимида аниқланган ўғирлик ва ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабарларни "Ҳудудгазтаъминот" АЖнинг "Facebook" ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасига ёки Телеграм платформасидаги +998998086808 рақамига юборишларини сўраймиз. Маълумот берувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.

Андижон вилояти ҳокимлиги
МАТБУОТ ХИЗМАТИ.

Facebook | Twitter | Instagram | YouTube Telegram


Киритилган вақти: 22/01/2020 14:56 Кўрилганлиги: 385
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишни, онлайн қилиш қанчалик зарур?

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 83
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг