Бош саҳифа / Интерактив хизматлар / Андижон вилояти ҳокимлиги фаолияти тўғрисидаги ахборотни олиш учун сўровларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва қайта ишлаш тартиби тўғрисидаги
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Андижон вилояти ҳокимлиги фаолияти тўғрисидаги ахборотни олиш учун сўровларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва қайта ишлаш тартиби тўғрисидаги

Андижон вилояти ҳокимлиги фаолияти тўғрисидаги ахборотни олиш учун сўровларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва қайта ишлаш тартиби тўғрисидаги

ЙЎРИҚНОМА

Андижон вилояти ҳокимлиги фаолияти тўғрисидаги ахборотни олиш учун сўровларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва қайта ишлаш тартиби тўғрисидаги

ЙЎРИҚНОМА

 

Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонунига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 6 ноябрдаги 320-сон «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини амалга оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар кўриш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Андижон вилояти ҳокимлиги (бундан буён матнда вилоят ҳокимлиги деб юритилади) фаолияти тўғрисидаги ахборотни олиш учун сўровларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва қайта ишлаш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Давлат органларининг фаолияти тўғрисида ахборот излашни амалга ошираётган жисмоний ёки юридик шахс ахборотдан фойдаланувчи ҳисобланади.

2. Вилоят ҳокимлиги фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров (бундан буён матнда сўров деб юритилади) ахборотдан фойдаланувчининг фаолият тўғрисида ахборот тақдим этиш ҳақида вилоят ҳокимлигига ва (ёки) унинг раҳбариятига йўлланадиган оғзаки ёки ёзма шаклдаги (шу жумладан электрон ҳужжат шаклидаги) талабидир.

3. Ахборотдан фойдаланувчи вилоят ҳокимлигига унинг фаолияти тўғрисида ахборот олиш учун бевосита ёхуд ўз вакиллари орқали сўров билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

4. Сўровлар «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 20-моддасида кўрсатилган талабларга мувофиқ расмийлаштирилиши керак.

5. Ёзма сўровда мурожаат этувчининг электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Ёзма сўровда электрон манзилнинг кўрсатилганлиги мурожаат этувчининг сўровга ахборот тизими орқали электрон шаклда жавоб олишга бўлган розилигидир.

6. Сўровлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.

7. Қуйидагилар сўров ҳисобланмайди:

жисмоний ва юридик шахсларнинг ариза, шикоят ҳамда таклифлари;

тақдим этилишининг ўзига хос хусусиятлари бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган, вилоят ҳокимлигининг фаолиятига тааллуқли бўлган ахборотнинг айрим турлари;

бошқа давлат органларининг фаолият тўғрисидаги ахборотни олишга доир сўровлари.

8. Ахборотдан фойдаланувчи томонидан сўралган ахборот қонунда белгиланган тартибда давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар жумласига киритилган бўлса, сўровда кўрсатилган ахборотни тақдим этиш рад этилади ва ахборотдан фойдаланувчига асослантирилган жавоб юборилади.

2-боб. Сўровларни қабул қилиш

9. Ахборотдан фойдаланувчи вилоят ҳокимлигига оғзаки ёки ёзма шаклда ёхуд электрон ҳужжат шаклида сўров билан мурожаат этиши мумкин. Бунда электрон ҳужжат шаклидаги сўровлар вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайти, расмий электрон почта манзили ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади.

10. Сўровларни қабул қилиш ва рўйхатдан ўтказилишини таъминлаш вилоят ҳокимининг қарори билан белгиланган сўровлар билан ишловчи таркибий бўлинма ёки масъул ходим томонидан амалга оширилади.

11. Сўров почта орқали келиб тушганда, сўровлар билан ишловчи таркибий бўлинма ёки масъул ходим томонидан конвертда сўров мавжудлиги текширилади.

Конвертда сўровнинг ёки сўровда кўрсатилган иловаларнинг мавжуд эмаслиги аниқланганда, сўровлар билан ишловчи таркибий бўлинма ёки масъул ходим томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, улардан бири (сўров ва у юборилган конверт билан бирга) сўровлар билан ишловчи таркибий бўлинма ёки масъул ходимда қолади, иккинчиси кузатув хатига илова қилинган ҳолда конвертда кўрсатилган манзил бўйича юборилади.

12. Электрон ҳужжат шаклида сўров тушган кунида қоғозга босиб чиқарилиши, иш вақти тамом бўлгандан кейин тушган тақдирда эса — навбатдаги иш кунида қоғозга босиб чиқарилиши керак.

13. Ахборотдан фойдаланувчини идентификатсиялаш имкониятини берадиган маълумотлар кўрсатилмаган сўров аноним ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.

14. Сўров аноним деб эътироф этилганда, бу ҳақда ижрочи (ёки ижрочилар) томонидан хулоса тузилади. Хулосада сўровни аноним деб эътироф этиш учун асослар кўрсатилади. Сўровни аноним деб эътироф этиш тўғрисидаги хулоса сўровлар билан ишловчи таркибий бўлинма ёки масъул ходим томонидан тасдиқланади ҳамда вилоят ҳокими ёки ваколат берилган бошқа мансабдор шахс томонидан ижродан олинади.

15. Аввалги сўровлар бўйича юборилган жавобдан норозилик билдирилган, шунингдек агар такрорий сўров келиб тушган пайтда кўриб чиқишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддати тугаган бўлса, аввалги сўров ўз вақтида кўриб чиқилмаганлиги ҳақида хабар қилинган, айнан бир ахборотдан фойдаланувчидан келиб тушган сўров такрорий деб ҳисобланади.

Такрорий сўровга у келиб тушгандан сўнг навбатдаги рўйхат индекси берилиб, Сўровларни рўйхатга олиш журналида ёки электрон ҳужжат айланиш тизимида «такрорий» деб қайд этилади.

16. Айнан бир ахборотдан фойдаланувчининг сўрови нусхаси сўров дубликати ҳисобланади. вилоят ҳокимлигига сўров дубликати (нусхаси) келиб тушган ҳолларда, ушбу сўровга алоҳида тартиб рақами берилмасдан, биринчи марта рўйхатга олинган сўровнинг тартиб рақами ва ундан сўнг бош ҳарфда «ҒД» белгиси ҳамда  сўров келиб тушган сана билан қайд этилади (масалан, сўров биринчи марта 2016 йил 10 мартда 10-1-25 билан рўйхатга олинган бўлиб, сўров дубликати ҳам келиб тушганда, «2016 йил 10 март, 10-1-25ҒД» каби рўйхатга олинади).

3-боб. Сўровларни рўйхатдан ўтказиш

17. Сўров вилоят ҳокимлигига келиб тушгандан сўнг, у сўровлар билан ишловчи таркибий бўлинма ёки масъул ходим томонидан Сўровларни рўйхатга олиш журналига ёки электрон ҳужжат айланиш тизимига қайд этилади.

18. Сўровларни рўйхатга олиш журнали ёки электрон ҳужжат айланиш тизимида сўров қабул қилинган сана, сўровнинг тартиб рақами, сўров билан мурожаат қилган жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, яшаш жойи (юридик шахслар учун — юридик шахснинг тўлиқ фирма номи, унинг жойлашган эри (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар, сўровнинг қисқача моҳияти, агар сўров дубликат ёки такрорий бўлса, унинг дубликат ёки такрорийлиги ҳамда сўров ижроси тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

19. Ахборотдан фойдаланувчи ўз сўровини у кўриб чиқилгунга қадар ва кўриб чиқилаётган вақтда ариза бериш орқали қайтариб олиш ҳуқуқига эга.

4-боб. Сўровларни қайта ишлаш

20. Қабул қилинган ва рўйхатга олинган сўровлар бир иш куни ичида Андижон вилояти ҳокимлиги Раиси ёки унинг ўринбосарига резолютсия (сўровни ижро этиш бўйича кўрсатма) қўйиш учун киритилади.

21. Резолютсияда сўровни ижро этиш учун масъул этиб белгиланган таркибий бўлинма(лар) раҳбарининг фамилияси, топшириқ мазмуни акс эттирилади ҳамда давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади ва сана қўйилади.

22. Резолютсия ёзилганидан сўнг, сўров сўровлар билан ишловчи таркибий бўлинма ёки масъул ходим томонидан сўровни ижро этиш учун масъул этиб белгиланган таркибий бўлинма ходимига имзо қўйдирган ҳолда топширилади.

23. Сўровлар «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасида белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилади.

24. Сўровлар билан ишловчи таркибий бўлинма ёки масъул ходим мунтазам равишда Андижон вилояти ҳокимлигида сўровлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек Андижон вилояти ҳокимлиги фаолияти тўғрисида мунтазам сўралувчи ахборотларни нашр этиш ҳамда бошқа муҳим масалалар бўйича таклифлар тайёрлаш мақсадида сўровларни умумлаштириш, уларни мазмунан бирлаштириш ва бошқа шаклларда қайта ишлашни амалга оширади.

5-боб. Оғзаки сўровларни қабул қилишни ташкиллаштириш

25. Андижон вилояти ҳокимлигида Вазирлар Кенгаши Раиси томонидан тасдиқланган график асосида белгиланган кунлар ва соатларда жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ташкил этилади.

26. Андижон вилояти ҳокимлигида ахборотдан фойдаланувчиларни қабул қилиш учун мўлжалланган алоҳида хона ажратилиши мумкин.

27. Ахборотдан фойдаланувчи оғзаки мурожаат этаётганда, Андижон вилояти ҳокимлиги масъул ходимига ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини, юридик шахснинг вакили эса, ўзининг шахсини ва ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатларини кўрсатиши керак. Бундай ҳужжатларни кўрсатмаган ахборотдан фойдаланувчилар қабул қилинмайди.

28. Оғзаки сўров билан мурожаат қилган ахборотдан фойдаланувчини қабул қилиш сўров моҳиятидан келиб чиқиб, тегишли бўлинма раҳбари ҳамда сўровлар билан ишловчи таркибий бўлинма ходими ёки масъул ходим иштирокида амалга оширилади.

       Агарда оғзаки сўров билан мурожаат этган ахборотдан фойдаланувчини қабул қилиш вақтида ушбу сўровни кўриб чиқиш мазкур Андижон вилояти ҳокимлигининг ваколат доирасига кирмаслиги аниқланса, унга сўралаётган ахборотни олиш бўйича сўров билан қайси давлат органига мурожаат этиши мумкинлиги тушунтирилади ва бу ҳақда Сўровларни рўйхатга олиш журналига ёки электрон ҳужжат айланиш тизимига қайд этилади.

29. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг оғзаки сўровлари вилоят ҳокимлигининг «ишонч телефони» орқали қабул қилиниши мумкин. Бунда сўровлар мазкур Йўриқномада белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

30. Оғзаки сўровга, имкониятга қараб, дарҳол жавоб берилиши керак.

6-боб. Сўровларнинг кўриб чиқилишини мониторинг қилиш

31. Сўровлар билан ишловчи таркибий бўлинма ёки масъул ходим сўровларни ижро этиш учун масъул этиб белгиланган таркибий бўлинмалар томонидан сўровлар кўриб чиқилишини доимий мониторинг қилади, зарур ҳолларда, сўровларнинг ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш чораларини кўради.

32. Сўровлар билан ишловчи таркибий бўлинма ёки масъул ходим сўровларни кўриб чиқиш муддатлари ва тартиби сўровларни ижро этиш учун масъул этиб белгиланган таркибий бўлинмалар томонидан бузилиши тўғрисида вилоят ҳокимини дарҳол хабардор қилади.

33. Сўровлар билан ишловчи таркибий бўлинма ёки масъул ходим мониторинг натижалари бўйича ҳар ойда вилоят ҳокимига сўровлар кўриб чиқилишининг ҳолати тўғрисидаги ахборотни, зарурат бўлганда, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйган ходимларга нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш юзасидан тегишли таклифлар билан биргаликда тақдим этади.

34. Сўровлар билан ишловчи таркибий бўлинма ёки масъул ходим сўровларни умумлаштириб, таҳлил қилиб боради.

Зарур ҳолларда, таҳлил натижалари бўйича вилояти ҳокимига давлат органида сўровлар билан ишлаш тизимини ва тегишли қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан, шунингдек ахборотдан фойдаланувчилар томонидан давлат органи фаолияти тўғрисида мунтазам сўралувчи ахборотларни нашр этиш ҳамда бошқа муҳим масалалар бўйича таклифлар киритади.

7-боб. Якуний қоидалар

35. Мазкур Йўриқнома талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади


Охирги ўзгариш: 16/12/2016 21:48 Кўрилганлиги: 5496
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишни, онлайн қилиш қанчалик зарур?

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 134
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг